Duende Ineffable Posted by Duende Ineffable
at 19-07-2020 11:33:49

Тошкентда «Арбидол» 400-600 минг сўмдан сотилаётгани аниқланди. Мутахассислар унинг COVID-19’га қарши фойдасини нолга тенг деб баҳолаган

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган рейдларда ҳозирда талаб кескин ортган ва дорихоналарда топиш қийин бўлган «Эргоферон» ва «Арбидол» дориларининг ноқонуний савдоси аниқланди.

Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Яшнобод туман бўлими томонидан оли…б борилган рейдда хорижда ишлаб чиқарилган «Арбидол» дори воситасинниг ҳар бир қутисини 500 минг сўмдан сотаётган шахс ушланган.
Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган дорихонанинг норасмий сотувчиси 56 қути «Эргоферон» дори воситасини жами 5 миллион 320 минг сўмга пуллаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ундан яна 1120 дона дори воситаси вақтинча олиб қўйилган.
Шунингдек, Яшнобод туманида фуқаролардан бири 19 қути «Арбидол» дорисининг ҳар бирини 500 минг сўмдан, Олмазор туманида икки нафар фуқаро шу дорининг 200 қутисини ҳар бирини 32 долларидан баҳолаб ноқонуний тарзда сотаётгани аниқланган.
Департаментнинг Яшнобод туман бўлим бошлиғи Нуриддин Жўраевнинг айтишича, «Эргоферон» дори воситаси одатда 25-32 минг сўмгача сотилган. Ҳозирги нархи 120 минг сўмгача бормоқда. Қутиси 45 минг сўмдан сотилган «Арбидол» эса 400-600 минг сўмдан пулланмоқда.
«Ҳозирда расмий дорихоналарда йўқ дори воситалари одамларнинг қўлида 100-200 қутилаб жамланиб, ноқонуний сотиляпти. Чунки дорихонада нархини қиммат қилиб соца, эътирознинг кимга билдирилиши аниқ бўлади. Шунинг учун ҳам яширинча йўллар билан норасмий тарзда сотилмоқда», — деган у.
Қайд этиш жоизки, айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус профилактикаси учун одамлар орасида «Арбидол», «Эргоферон»га бўлган талаб кескин ошган. Хусусан, АрзонАптека дори воситалари қидирув тизими маълумотларига кўра, сўнгги 10 кун давомида Ўзбекистонда энг кўп қидирилган вирусга қарши қўлланилувчи препаратлар рўйхатида «Арбидол», «Эргоферон» ҳам бор. 8—17 июнь кунлари қидирув хизмати орқали «Арбидол» 270, «Эргоферон» 185 марта қидирилган бўлса, 6—15 июль кунлари эса ушбу дори воситаларига талаб ошиб, «Арбидол»га 61 370 тани «Эргоферон»га 19 900 тани ташкил этган.
Журналист Барно Султонова ҳам дорихоналарда ҳамма «Арбидол», «Эргоферон», «Парацетамол» каби дориларни тўхтовсиз олаётганига гувоҳ бўлган. Вилоятларда, хусусан, Бухорода ҳам қатор дори воситалари билан бирга «Арбидол», «Эргоферон»га бўлган талаб ва эҳтиёж кескин ошган.
Мутахасисслар эса «Арбидол» дори воситасининг фойдаси нолга тенг деб баҳоламоқда. Ушбу препаратнинг фойдаси ЖССТ томонидан тасдиқланмаган ва COVID-19’га қарши фойдаланишда тавсия этилмаган. Бу дорилар Россия ва унинг атрофидаги давлатлардан ташқари ҳеч қаерда ишлатилмайди.
«Эргоферон» эса гомеопатик восита бўлиб, унда фаол моддалар шунчалик камлигидан, инсон танасига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Яъни, на фойдаси, на зарари бор. Шунчаки плацебо.
Манба: https://daryo.uz/…/toshkentda-arbidol-400-600-ming-somdan-…/